Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Банклардаги депозитлар миқдори бир йилда 34 фоизга кўпайди — Марказий банк

Кўрсаткичлар банк тизимида молиявий ресурслар базаси кенгаяётганини кўрсатмоқда. Депозитларнинг 142 трлн сўми талаб қилиб олингунча (пулни исталган пайт олиш мумкин) бўлган турига киради.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистондаги банкларда аҳоли ва бизнеснинг жами депозитлари миқдори бир йилда қарийб 34 фоизга ортди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

2026 йил 1 август ҳолатига кўра, депозитлар қиймати 482,7 трлн сўмга етган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврида 360,4 трлн сўм бўлган. Бунда йиллик миқдор 122 трлн сўмдан зиёдга (34 фоиз) кўпайган.

“Кўрсаткичлар банк тизимида молиявий ресурслар базаси кенгаяётганини кўрсатмоқда. Депозитларнинг кредитларга нисбатан юқорироқ суръатда ўсиши банкларнинг ички ресурслар базасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда”, дея маълум қилди Марказий банк.

Қайд этилишича, депозитларнинг 142 трлн сўми (умумий рақамнинг 29 фоизи) талаб қилиб олингунча (пулни исталган пайт олиш мумкин) бўлган турига киради. Яна 175,7 трлн сўм бир йилгача (36 фоиз), 164,94 трлн сўм (34 фоиз) узоқ муддатли (бир йилдан ортиқ) депозитлар ҳисобланади.

2016 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон иқтисодий тарихида илк бор пул массаси энг юқори қиймат — 434,5 трлн сўмга етгани хабар қилинганди. Марказий банк илк бор эълон қилган пул массаси миқдори 2013 йил 1 февралда 24,4 трлн сўм бўлган. 2024 йил бошига келиб, бу кўрсаткич 242,2 трлн сўмга етди. Яъни 11 йил давомида қарийб 10 бараварлик ўсиш қайд этилган.