Озарбайжон халқаро банки (АBB) Davrbank акцияларининг назорат пакетини (51 фоиз)1 трлн 646 млрд сўмга (тахминан 140 млн доллар) сотиб олди. Биржа маълумотларига кўра, транзаксия 10 сентябрь куни олтита кетма-кет битимлар серияси кўринишида амалга оширилган. ABB жами 51 млн дона оддий акцияни ҳар бир қимматли қоғоз учун 32 281,28 сўмлик ягона нархда сотиб олган.
Озарбайжон ABB банки Davrbank’нинг 51 фоиз улушини сотиб олмоқчилиги ҳақида 2026 йил май ойида маълум бўлганди. 23 август куни Озарбайжон халқаро банкининг Davrbank’даги улушни сотиб олиш жараёнини якунлагани эълон қилинди.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Davrbank хусусий акциядорлик тижорат банки 2001 йил 29 сентябрда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, устав фонди 500 млрд сўмни ташкил этади. Банкнинг энг йирик улуши — 46,9 фоизи Убаев Лутфулла Хайруллаевичга тегишли. Шунингдек, Убаева Махфуза Абдумаликовна 13,5 фоиз, Рахматуллаева Дурдона Лутфуллаевна 9,9 фоиз ҳамда Мирзаятов Миркодир Мирсагатович 9,8 фоиз улушга эгалик қилади.
Май ойида давлатга тегишли Озарбайжон халқаро банки йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг Davrbank’ни сотиб олиш ва Ўзбекистон бозорида иш бошлашни режалаштираётгани маълум бўлди. Озарбайжон давлат банки Davrbank акцияларининг 51 фоизини 100 млн долларга сотиб олиш ниятини билдирган.
Озарбайжон халқаро банки – ABB 1992 йил 10 январда акциядорлик тижорат банки сифатида фаолиятини бошлаган. Банкнинг бош офиси Баку шаҳрида жойлашган бўлиб, у Жанубий Кавказ минтақасидаги йирик банклардан бири ҳисобланади.


