Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 25август · Сешанба
USD 11 818,07 ▼ −35,48 EUR 13 788,14 ▼ −81,70 RUB 141,69 ▼ −0,17 GBP 16 118,67 ▼ −70,91
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

ABB банки Ўзбекистон бозорига киргани расман эълон қилинди

Озарбайжоннинг энг йирик давлат банки — ABB Ўзбекистондаги Davr Bank’ни хусусийлаштириш жараёнини якунлади. ABB 1992 йил 10 январда акциядорлик тижорат банки сифатида фаолиятини бошлаган. Банкнинг бош офиси Баку шаҳрида жойлашган.

Озарбайжоннинг энг йирик давлат банки — ABB Ўзбекистондаги Davr Bank’ни хусусийлаштириш жараёнини якунлади. Бу ҳақда давлат ташрифи билан келган Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевга намойиш этилган қўшма лойиҳалар ҳақидаги видеолавҳада маълум қилинди.

“Молия секторида Озарбайжон Халқаро банки Davr Bank’даги улушни сотиб олишни якунлади. Бу икки мамлакатнинг банк соҳасидаги ҳамкорлигида янги босқични бошлаб беради”, дейилади видеолавҳада.

23 август куни икки давлат президентлари Ўзбекистонда Озарбайжон инвестиция лойиҳаларининг очилиши ва уларга тамал тоши қўйилишига бағишланган онлайн маросимда иштирок этганди. Davr Bank очилган учта лойиҳалардан бири бўлди.

Илҳом Алиев ОАВ вакиллари билан учрашувда икки томонлама банк соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапириб, Озарбайжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кирганини таъкидлади.

22 август куни Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари IV форумида ABB’нинг Ўзбекистон банк бозорига киришини маълум қилган эди.

“Бугун Озарбайжон ва бутун Жанубий Кавказ минтақасининг энг йирик банки — ABB билан шартнома имзоланади. Ушбу келишув банкнинг ҳамкорлик ва Davr Bank’даги улушни сотиб олиш орқали Ўзбекистон бозорига кириб келишини англатади”, деган Озарбайжон вазири.

У қулай инвестиция муҳитини яратган ҳамда лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлагани учун Шавкат Мирзиёев, Марказий банк ва Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

Озарбайжон ABB банки Davr Bank’нинг 51 фоиз улушини сотиб олмоқчилиги ҳақида 2026 йил май ойида маълум бўлганди. Июнь ойида Davr Bank акциядорлари ABB билан банк акцияларининг 51 фоизини сотиш бўйича эҳтимолий келишув юзасидан музокараларни давом эттиришни маъқуллаганди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Davr Bank хусусий акциядорлик тижорат банки 2001 йил 29 сентябрда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, устав фонди 500 млрд сўмни ташкил этади.

Озарбайжон халқаро банки — ABB 1992 йил 10 январда акциядорлик тижорат банки сифатида фаолиятини бошлаган. Банкнинг бош офиси Баку шаҳрида жойлашган бўлиб, у Жанубий Кавказ минтақасидаги йирик банклардан бири ҳисобланади.