Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Талабалар 500 млн сўмгача грант олиши мумкин

Олий таълим муассасалари талабалардан танловда иштирок этиш учун ғоя ва таклифларни қабул қилади. Ариза топширишнинг охирги муддати — 10 октябрь. Таклифлар ректор томонидан тасдиқланадиган саралаш комиссияси томонидан баҳоланади.

Вазирлар Маҳкамаси 4 сентябрь куни «Энг инновацион ғоя» танловини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Тегишли қарор “Lex.uz”да эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, танлов ҳар йили центабр декабрь ойларида икки босқичда ўтказилади. Унда 10 та йўналиш қамраб олинади:

  • рақамли технологиялар ва сунъий интеллект;
  • молиявий технологиялар (финтех);
  • қишлоқ хўжалиги технологиялари (Агротеч);
  • киберхавфсизлик;
  • соғлиқни сақлаш;
  • фармацевтика;
  • мудофаа ва хавфсизлик;
  • энергия тежаш;
  • сув технологиялари;
  • фан ва таълим.

Биринчи босқичда олий таълим муассасалари талабалардан танловда иштирок этиш учун ғоя ва таклифларни қабул қилади. Ариза топширишнинг охирги муддати — 10 октябрь. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биринчи босқич шартлари ва аризаларга қўйиладиган талабларни 5 сентябргача тасдиқлаши керак. Ҳар бир иштирокчи фақат битта ғоя тақдим эта олади.

Таклифлар ректор томонидан тасдиқланадиган саралаш комиссияси томонидан баҳоланади. Комиссия таркибига илмий даражага эга университет ходимлари, бакалавриат ва магистратура талабалари киради.

Комиссия 10 ноябргача барча ғояларни баҳолаб, ҳар бир аъзонинг берган баллари ўртача кўрсаткичи асосида энг яхшиларини танлайди. Ҳар бир университет ғоя муаллифларига буджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 100 млн сўм миқдорида мукофот пули ажратади.

Биринчи ўрин соҳибига 50 млн сўм, иккинчи ўрин учун 30 млн сўм, учинчи ўрин учун эса 20 млн сўм берилади. Маблағлар 20 ноябргача ғолиб номига очилган банк картасига ўтказилади.

Университет босқичи ғолиблари танловнинг республика босқичида ҳам иштирок этади. Уларнинг аризалари олимлар, давлат органлари вакиллари ҳамда тегишли саноат йўналишлари бўйича малакали мутахассислардан, жумладан хусусий сектор вакилларидан иборат камида 5 кишилик комиссия томонидан баҳоланади.

Инновацион ривожланиш агентлиги 1 декабргача республика босқичи иштирокчилари рўйхатини шакллантиради ҳамда ғоялар тақдимоти санаси ва жойини олий таълим муассасаларига маълум қилади. Ҳудудлардаги иштирокчилар тақдимотда онлайн қатнашиши мумкин.

Республика босқичи 20 декабргача якунланиши керак. Энг яхши учта лойиҳа учун 500 млн, 300 млн ва 200 млн сўм миқдорида мукофот берилади.

Маблағлар ғоя муаллифи ва Инновацион ривожланиш агентлиги иштирокида тузиладиган уч томонлама келишувга мувофиқ университетларнинг ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Келишувда лойиҳани амалга ошириш муддати, унинг доирасида бажариладиган ишлар ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш шартлари белгиланади. Бундан ташқари, танлов ҳомийлари ғолиблар ва бошқа иштирокчиларга қўшимча мукофотлар тақдим этиши мумкин.

Университет ва республика босқичларида ғояларни баҳолашда 5 та мезон қўлланади. Ҳар бир мезон бўйича 20 баллгача берилади:

  • илмий ва инновацион жиҳатдан янгилиги;
  • ғоянинг долзарблиги;
  • мавжуд аналоглардан фарқи;
  • харажатлар сметасининг асосланганлиги;
  • амалга оширилишидан кутилаётган натижалар.