Январь—июль ойларида Ўзбекистонда 263 минг 731 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси. 2025 йилнинг шу даврига нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми 22 минг 622 тага ёки 9,4 фоизга кўпайган.
Енгил автомобиллар орасида энг катта ишлаб чиқариш ҳажми Cobalt моделига тўғри келган. Январь—июль ойларида 91 минг 140 дона Cobalt ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 83 минг 167 донага нисбатан 7 973 тага ёки 9,6 фоизга кўп.
Иккинчи ўринда Damas бўлиб, 47 минг 521 дона ишлаб чиқарилган. Бироқ унинг ишлаб чиқариш ҳажми бир йил ичида 4066 тага ёки 7,9 фоизга камайган. 2025 йилнинг январь—июль ойларида 51 минг 587 дона Damas ишлаб чиқарилган эди.
Tracker ишлаб чиқариши ҳам пасайган. Ушбу моделдан 25 минг 779 дона ишлаб чиқарилиб, йиллик кўрсаткич 606 тага ёки 2,3 фоизга камайган.
Оних ишлаб чиқариш ҳажми 18 минг 734 донадан 20 минг 445 донага етиб, 1711 тага ёки 9,1 фоизга ошган. KIA автомобиллари ишлаб чиқаришида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиб, кўрсаткич 14 минг 419 донадан 17 125 донага кўтарилган. Бу 18,8% лик ўсиш дегани.
Энг юқори ўсиш эса BYD автомобилларида қайд этилган. 2025 йил январь—июль ойларида 8601 дона BYD ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 17 765 донага етган. Натижада ишлаб чиқариш 9164 тага ёки 106,5 фоизга ошган, яъни қарийб 2,1 бараварга кўпайган.
Ҳавал ишлаб чиқариш ҳам 4425 донадан 5778 донага ошиб, 30,6 фоизга кўпайган. Черй бўйича эса деярли ўзгариш кузатилмаган: ишлаб чиқариш 4 838 донадан 4 801 донага тушиб, 0,8 фоизга камайган.
Шунингдек, махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 28 минг 953 донадан 32 минг 445 донага етган. Бу 3 492 дона ёки 12,1 фоиз ўсишни англатади. 2026 йилда жадвалда янги модель сифатида Chevrolet Damas Move ҳам пайдо бўлган ва январь—июль ойларида ундан 932 дона ишлаб чиқарилган.


