Ўзбекистонда 2026 йил январь—июль ойларида аксар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўсиш қайд этилди. Бироқ газ, нефть ва кўмир қазишда пасайиш кузатилди. Статистика қўмитаси эълон қилган шарҳдан етти ойлик баъзи рақамлар ўрин олган.
Газ қазиб олиш яна қисқарган
Ўзбекистонда бир неча йилдан бери газ қазиб олиш ҳажми сезиларли қисқаришда давом этмоқда. Бу тенденция жорий йилда янада яққол кўзга ташлана бошлади. Республикада етти ой ичида 21,6 млрд метр куб табиий газ қазиб олинди. Бу охирги тўққиз йилликнинг мос даврлари ичидаги энг паст кўрсаткич саналади. Масалан, 2025 йил январь июль ойларида мамлакатда 25,4 млрд метр куб газ қазилганди. Мазкур рақам жорий йилгидан 15 фоизга кўп. Айниқса, 2017 йил мос даврида 32,2 млрд метр куб газ қазиб олинган. 2018-2019 йилларнинг дастлабки етти ойида эса бу рақамлар 35 млрд метр кубдан юқори шаклланган.
Кўмир, нефтда пасайиш, ток ва бензинда ўсиш
2026 йилнинг дастлабки етти ойида республикада 368,7 минг тонна нефть қазиб олинди. Бу кўрсаткич 2025 йил мос давридагига қараганда 10,1 минг тоннага кам. Январь—июлда 3,5 млн тонна кўмир қазилган бўлиб, бир йил аввалгига нисбатан 500 минг тоннага камайган.
Ҳисобот даврида 52,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп.
“Бунда электр энергияси ишлаб чиқариш асосий фаолият тури бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектлари ва уй хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобга олинмаган”, дейилади Статқўм шарҳида.
Етти ой давомида мамлакатда 731,9 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Бу рақам 2025 йил мос давридагига нисбатан 59,8 минг тоннага (ўсиш 9 фоиз атрофида) кўп.
BYD юқори ўсиш қайд этди
Етти ой давомида Ўзбекистонда 263 731 дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йил январь июлидагига қараганда 22 622 донага кўп. Ҳисобот даврида UzAutoMotors ишлаб чиқаришда сон жиҳатдан пешқадам бўлиб қолмоқда. Бироқ компания қатор автомобил моделлари ишлаб чиқаришда пасайиш қайд этган.
Етти ой давомида республикада энг кўп ишлаб чиқарилган автомобил Cobalt бўлган — 91 140 дона ( ўсиш 7 953 та). Иккинчи ўринни 47 521 дона билан Damas (қисқариш 4 066 та), учинчини эса 25 779 дона кўрсаткич асосида Tracker (қисқариш 3 606 дона) эгаллаган.
Ўз навбатида 20 445 та Onix (ўсиш 1711 та), 17 125 та Kia (ўсиш 2706 та), 4 801 та Chery (қисқариш 37 та), 5 778 та Haval (ўсиш 1358 та) ишлаб чиқарилган.
Ҳисобот даврида енгил автомобил ишлаб чиқаришдаги энг юқори ўсишни BYD қайд этган. Етти ой ичида Хитой компанияси 17 765 та автомобил ишлаб чиқарган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос давридагига нисбатан қарийб икки баравардан юқори ўсган.
Нечта саноат корхонаси бор?
2026 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 63,9 мингта саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Улар январь июль ойларида 795,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Бу кўрсаткич бир йил олдингидан 7,9 фоизга ўсган.
Корхоналарнинг бешдан бир қисми (20,1 фоизи) озиқ-овқат маҳсулотлари, 14 фоизи нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Яна 10,2 фоиз корхоналар кийим-кечак, 8,2 фоизи тайёр металл буюмлар, 6,8 фоизи мебел ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Қолган қисмини тўқимачилик, резина ва пластмасса маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи корхоналар ташкил этади.


