Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 9ноябр · Душанба
USD 11 987,16 ▲ +13,68 EUR 13 393,25 ▼ −43,39 RUB 146,29 ▼ −0,30 GBP 16 060,40 ▼ −52,31
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда банкоматлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин

2025 йилда Ўзбекистонда 9 мингта банкомат харид қилинган. Президент банкоматларга талабни ҳисоблаб, уларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганишни топширди.

Ўзбекистонда банкоматларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ўрганилади. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги «NURA Electric» электротехника заводига ташрифи чоғида топшириқ берди, деб хабар қилди Президент матбуот котиби.

Матбуот котиби маълумотига кўра, ўтган йили мамлакатда 9 мингта банкомат харид қилинган, импорт ҳажми 50 млн доллардан ошган. Савдо ва кўнгилочар мажмуалар ҳамда янги уй-жой массивлари кўпайиши билан банкоматларга талаб яна ортиши кутилмоқда.

Банкоматларга бўлган талабни ҳисоб-китоб қилиш, технология ва инвесторларни жалб этиб, уларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Топшириқ қайси идорага юклатилгани ва уни бажариш муддати маълум қилинмаган.

Матбуот котиби электротехника соҳасида маҳаллий ишлаб чиқариш учун бошқа имкониятларни ҳам санаб ўтди:

  • Тошкент вилояти — энергия батареялари ва электроника учун юпқа мис фольга;
  • Жиззах — электромобиллар учун инверторлар ва қувват олиш қурилмалари;
  • Наманган — сув насослари учун энергия тежамкор электр двигателлар;
  • Қорақалпоғистон — серверлар учун узлуксиз электр таъминоти ва совитиш тизимлари.

Ташриф давомида Президент электротехника тармоғида ишлаётган тадбиркор ва инвесторлар билан учрашди.