Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон апрель ойидан бери илк бор 1,3 млрд долларлик олтин экспорт қилди

Январь—июль ойларида олтин экспортининг умумий қиймати 2,8 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 1 август ҳолатига 64,34 млрд долларга етган.

Ўзбекистон июль ойида олтин экспортини қайта тиклади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган. Мамлакатнинг етти ойлик жами экспорт ҳажми 19,93 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 фоизга камайган.

Бунга, аввало, қимматбаҳо металл экспортининг қисқариши сабаб бўлган. Шу билан бирга, саноат маҳсулотлари экспорти 22,4 фоизга ошиб, 2,87 млрд долларга, хизматлар экспортидан тушум эса 35,3 фоизга ўсиб, 7,32 млрд долларга етди.

Январь—июль ойларида олтин экспортининг умумий қиймати 2,8 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 баравар кам (7,58 млрд доллар).

Дастлабки етти ойда қимматбаҳо металл экспорти 1,5 млрд долларни ташкил этганини ҳисобга олсак, июль ойида Ўзбекистон 1,3 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Шу тариқа, йил бошидан буён мамлакат олтинни фақат икки ой — апрель ва июлда экспорт қилган.

Апрелгача Ўзбекистон олтинни охирги марта 2025 йил сентябрида, +1,47 млрд доллар миқдорида сотган. 2025 йил якунларига кўра, қимматбаҳо металл экспорти 9,9 млрд доллардан ошиб, янги рекорд ўрнатган.

Навоий кон-металлургия комбинати йил бошидан буён олтин қазиб олиш ҳажмини 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан қарийб 2 фоизга қисқартириб, 1,508 млн троя унцияси (46,9 тонна)гача туширди. Бироқ пул ифодасида ишлаб чиқариш 41,7 фоизга ошиб, 86,2 трлн сўмга етди.

Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 1 август ҳолатига 64,34 млрд долларга етиб, бир ойда 0,92 фоизга ошди. Ўсишга олтин ва валюта захиралари сабаб бўлди. Захирадаги олтиннинг қиймати 365,3 млн долларга ошиб, 56,12 млрд долларга етди. Бунда олтиннинг физик ҳажми бироз камайиб, қарийб 430,8 тоннани ташкил этди. Валюта захиралари эса 208,8 млн долларга ошиб, 7,65 млрд долларга етди.