Солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетидаги рақамли маркировка билан боғлиқ Шубҳали ҳолатлар хизмати такомиллаштирилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Эндиликда солиқ тўловчилар ахборот тизими томонидан автоматик аниқланган шубҳали ҳолатларни шахсий кабинет орқали кўриши ва таҳлил қилиши мумкин.
Шубҳали бўлимида қуйидаги ҳолатлар акс эттирилади:
- яроқлилик муддати ўтган товарлар қолдиғи;
- дубликат маркировка кодлари орқали маҳсулот реализацияси;
- корхонага тегишли маҳсулотнинг бошқа субъект томонидан реализацияси;
- кирими мавжуд бўлмаган маҳсулотлар реализацияси;
- маркировкаланадиган товарларнинг маркировка кодисиз реализацияси;
- чакана савдода 2D-сканер уланмаган ҳолда маҳсулот реализацияси;
- Асл белгиси миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтмаган корхоналар ҳақидаги маълумотлар.
Бундан ташқари, хизматда янги Валидация бўлими жорий этилди. Унда аввал реализация қилинган маркировка кодидан қайта фойдаланишга уриниш ҳолатлари ишлаб чиқарувчилар кесимида автоматик шакллантирилади.
Шубҳали ҳолатларни my.soliq.uz сайтидаги Хизматлар — Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар айланмаси тизими — Шубҳали ҳолатлар бўлими орқали кўриш мумкин.
Солиқ қўмитасига кўра, мазкур имконият тадбиркорларга хато ва номувофиқликларни текширувгача аниқлаш ва мустақил бартараф этиш, келгусида бундай камчиликларнинг олдини олиш ҳамда ортиқча вақт ва харажатларни камайтириш имконини беради.


