Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда нақд тўловлар учун максимал лимит 176 млн сўмга етказилади

Аввал нақд пулга сотиладиган товарларнинг максимал қиймати 25 млн сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, фақат нақдсиз тўлов орқали амалга ошириладиган айрим товар ва хизматлар учун истиснолар сақланиб қолади.

Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар юзасидан чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони қабул қилинганди.Давлат раҳбарининг 27 августдаги фармонида тадбиркорлар учун қатор солиқ имтиёзлари ва бошқа енгилликлар назарда тутилган. Тегишли таклифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан илгари сурилган.

Хусусан, товар ва хизматлар учун нақд ҳисоб-китобларнинг максимал миқдори БҲМнинг 400 бараваригача — 176 млн сўмгача оширилади. 1 сентябргача бу лимит 164,8 млн сўм эди.

Аввал нақд пулга сотиладиган товарларнинг максимал қиймати 25 млн сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, фақат нақдсиз тўлов орқали амалга ошириладиган айрим товар ва хизматлар учун истиснолар сақланиб қолади:

  • электр энергияси, газ ва ичимлик суви;
  • автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги ёқилғи ва электромобилларни қувватлаш станцияларидаги электр энергияси;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
  • автомобиллар, тиркамалар ва махсус транспорт воситалари;
  • кўчмас мулк;
  • давлат хизматлари.

Солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳамда ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш шартлари енгиллаштирилади. Эндиликда бизнес субъектлари Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги даражасидан қатъи назар, имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

Меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналари сув, салқин ичимликлар, пиво ва тамаки маҳсулотларини харид қилганда, рақамли маркировка кодлари якуний истеъмолчига сотилган деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, давлат харидлари доирасида товар ва хизматлар қабул қилинганини тасдиқлаш солиқ органлари тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади. Ижрочилар томонидан киритилган закалат ва қўшимча закалатлар бир иш куни ичида автоматик равишда қайтарилади.

Шунингдек, бизнес инвестиция лойиҳаларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириб, ташқи муҳандислик тармоқларини қуришга сарфлаган харажатларини буджетдан қоплатиши мумкин.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда 50 млрд сўмдан ошган, бошқа ҳудудларда эса 200 млрд сўмдан ошган харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади.