Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон ташқи савдосидаги манфий сальдо 9,7 млрд долларга етди

2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги манфий сальдоси 9,7 млрд долларга етди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 4,4 млрд доллар эди. Импорт 17,8 фоизга ошган бир пайтда экспорт 3,6 фоизга камайган.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо дефицити 2026 йилнинг дастлабки етти ойида 9,67 млрд долларни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2025 йилнинг мос давридаги 4,44 млрд долларлик манфий сальдодан қарийб 2,2 баробар кўп.

Январь–июль ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси 49,5 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 8,1 фоизга ошган. Шундан экспорт 19,9 млрд долларни ташкил этиб, 3,6 фоизга камайган. Импорт эса 17,8 фоиз ўсиб, 29,6 млрд долларга етган.

Умумий экспортнинг камайиши фонида олтинсиз экспортда аксинча юқори ўсиш қайд этилган. Олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 27,7 фоизга ошиб, 9,8 млрд долларни ташкил қилган.

Бу тафовутда олтин экспортининг кескин қисқариши кўринади. 2025 йилнинг январь–июль ойларида 7,59 млрд долларлик номонетар олтин экспорт қилинган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида унинг ҳажми 2,8 млрд долларгача тушган. Олтиннинг жами экспортдаги улуши 36,7 фоиздан 14,1 фоизгача камайган.

Айни пайтда экспортнинг айрим бошқа йўналишларида ўсиш кузатилган. Саноат товарлари экспорти 22,4 фоизга ошиб, 2,87 млрд долларга, машина ва транспорт ускуналари экспорти 34,9 фоизга ошиб, 757 млн долларга етган. Турли тайёр маҳсулотлар экспорти эса қарийб 1,9 баробар кўпайиб, 1,68 млрд долларни ташкил этган.

Хизматлар экспорти ҳам тез ўсишда давом этган. Етти ойда бу кўрсаткич 35,3 фоизга ошиб, 7,3 млрд долларга етган ва жами экспортнинг 36,8 фоизини ташкил қилган. Хизматлар экспортининг ярмидан кўпроғи туризм, қарийб учдан бири транспорт хизматлари ҳиссасига тўғри келган.

Импортдаги ўсишнинг катта қисми машина ва транспорт ускуналарига тўғри келмоқда. Ушбу тоифадаги импорт 20 фоизга ошиб, 9,7 млрд долларга етган ва мамлакат умумий импортининг 32,8 фоизини ташкил қилган. Озиқ-овқат импорти эса 41,9 фоизга ошиб, 3,29 млрд долларни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори Хитой бўлиб қолмоқда. Январь–июль ойларида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 11,26 млрд долларга етган. Кейинги ўринларда Россия — 8,13 млрд доллар ва Қозоғистон — 3,27 млрд доллар билан қайд этилган.