Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 66,59 млрд долларни ташкил этди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу бир ой олдинги кўрсаткичга нисбатан 7,7 фоиз кам бўлиб, сентябрь ойида олтин-валюта захиралари қиймати 5,5 млрд долларга пасайди.
Бир ой давомида захираларнинг валюта қисми 702,8 млн долларга, олтин қисми эса 4,8 млрд долларга камайган. Шу билан бирга, захирадаги олтиннинг физик ҳажми 14,1 млн троя унсиясидан 14,3 млн троя унсиягача ошган. Яъни, олтин захираси қийматининг камайиши олтин миқдорининг қисқариши билан эмас, унинг жаҳон бозоридаги нархининг пасайиши билан боғлиқ.
Олтиннинг жами халқаро захиралардаги улуши 90 фоиздан 90,2 фоизга кўтарилди.
Халқаро қимматли қоғозлар ҳажми сентябрь ойида ўзгармай, 1,8 млрд доллар даражасида қолди. Уларнинг халқаро захиралар умумий ҳажмидаги улуши тахминан 2,5 фоизни ташкил этди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Марказий банк январдан сентябргача бўлган даврда жами 2,8 млрд долларлик қимматбаҳо металл сотган. Бу кўрсаткич 2025 йил мос давридагига нисбатан қарийб 3 бараварга кам.
