Шавкат Мирзиёев “Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади. Қонун давлат раҳбарининг 2025-йил ноябрдаги фармони билан ташкил этилган марказ фаолиятини тартибга солади. 18-август куни Хивада тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда президент марказ 2027-йилда ишга туширилишини эълон қилган эди.
Enterprise Uzbekistan’нинг бизнесни глобал ривожлантириш бўйича вице-президенти Баҳодир Аюпов қонуннинг имзоланисини марказ учун “ҳал қилувчи босқич” деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу орқали глобал технологик компаниялар ва инвесторлар учун тушунарли ҳуқуқий асос вужудга келди.
“Биз халқаро бизнес томонидан жиддий қизиқиш бўлаётганини кўряпмиз, қабул қилинган қонун эса Ўзбекистон бозорига киришдаги асосий тўсиқлардан бирини бартараф этиб, жаҳон даражасидаги рақобатбардош технологик экотизимни шакллантириш учун пойдевор яратади”, — деб таъкидлади Аюпов.
Ҳужжат июн ойи бошида Қонунчилик палатасида якуний ўқишдан ўтган эди. Сенат дастлаб инвесторлар ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш ҳамда марказ органларининг ваколатларини аниқлаштириш зарурлигини таъкидлаб, уни такомиллаштириш учун қайтарган. Қонун келишув комиссияси томонидан қайта ишлангач, юқори палата 8-август куни уни маъқуллади.
Ҳуқуқий муҳит
Қонун Enterprise Uzbekistan учун 2100-йилгача амал қиладиган алоҳида ҳуқуқий тартибга солиш тизимини шакллантиради. У қуйидагиларни қамраб олади:
- корпоратив ва тижорат муносабатлари;
- инвестициялар;
- меҳнат муносабатлари;
- маълумотлар ва интеллектуал мулк ҳимояси;
- давлат хизматлари;
- сунъий интеллект;
- таълим ва инновацияларни тартибга солувчи синовдан ўтказиш;
- солиққа тортиш ва божхона тартибга солинуви.
Марказ қарорларида Англия ва Уелс умумий ҳуқуқи асосида, шунингдек, етакчи халқаро молия марказлари стандартларидан фойдаланилиши мумкин.
Махсус ҳуқуқий режим доирасида тақдим этилган имтиёз ва преференциялар уларни олувчиларнинг аҳволини ёмонлаштирадиган тарзда ўзгартирилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин эмас. Қайд этилишича, бу барқарор ва олдиндан айтиш мумкин бўлган ҳуқуқий муҳит яратиш имконини беради.
Бизнес юритиш ва инвестициялар
Тасдиқланган рўйхат бўйича фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахслар Enterprise Uzbekistan резидентлари рўйхатига кириши мумкин. Марказ доирасида янги компаниялар ташкил этиш, бошқа юрисдикциялардаги юридик шахсларнинг иштирок этиши, хорижий ташкилотларнинг филиал ва ваколатхоналари фаолият юритишига рухсат берилади.
Марказ органларига жисмоний ва юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда аккредитация қилиш ваколатлари берилади. Шунингдек, улар марказ ичида рухсат беришга оид тартиб-таомилларни амалга ошириши, маслаҳат ва ахборот хизматларини кўрсатиши мумкин.
Қонун муқобил ва венчур инвестициялар экотизими учун ҳуқуқий асос яратади ҳамда инвесторларнинг тўртта тоифасини ажратиб кўрсатади: институционал инвесторлар, стартап-инвесторлар, резидент-инвесторлар ва инфратузилмавий инвесторлар.
Инвесторлар инвестициялар ҳажми, тури ва йўналишларини мустақил белгилаши, шунингдек, олинган даромадларни эркин тасарруф этиши мумкин. Уларнинг активлари ва мол-мулки миллийлаштириш, мусодара қилиш, музлатиб қўйиш ва бошқа чекловлардан ҳимояланади (қонунда белгиланган ҳолатлар ва суд қарорлари бундан мустасно).
Марказ иштирокчилари аккредитациядан ўтган ҳамкорлар орқали банк, инвестиция, венчур, суғурта ва бошқа молиявий хизматлардан фойдалана олади. Хорижий банклар Марказий банк билан келишган ҳолда бу ерда ўз филиалларини очиши мумкин.
Маълумотлар, булутли технологиялар, сунъий интеллект
Enterprise Uzbekistan шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш бўйича жаҳон стандартларига йўналтирилган махсус қоидалардан фойдаланади. Маълумотлар хавфсизлиги, яхлитлиги ва ишончлилиги талабларига риоя қилинган ҳолда, уларни “булут”да сақлаш ва қайта ишлашга рухсат этилади.
Шунингдек, интеллектуал мулк обектларига бўлган ҳуқуқларни халқаро меъёрларга мувофиқ ҳимоя қилиш назарда тутилган. Қонун уларни рўйхатга олиш ва ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмларини, хусусан, рақамли сервислар орқали ариза топшириш имкониятини ўз ичига олади.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси, жамоат хавфсизлиги ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда, сунъий интеллект технологияларини тадқиқ этиш, ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий этиш эркинлиги кафолатланади.
Таълим соҳасида етакчи хорижий таълим муассасаларининг дастур ва стандартларидан фойдаланишга рухсат этилади. Марказ маъмурияти унинг ҳудудида академиялар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва ўқув марказларини очиш учун лицензиялар бера олади.
Резидентлар учун шарт-шароитлар
Enterprise Uzbekistan ҳудудидаги компаниялар рўйхатдан ўтиш, корпоратив бошқарув, шартномавий муносабатлар, инвестициялар, бандлик, банк операциялари ва маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида қоидалар асосида фаолият юритади. Тартибга солиш умумий инглиз ҳуқуқи элементлари ва халқаро амалиётга асосланади.
Марказ доирасида махсус солиқ модели амал қилади. Солиқлардан фақат учтаси — фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) сақлаб қолинади. Инвесторлар дивидендлар ва сармоялардан олинадиган бошқа даромадларга солинадиган солиқдан озод қилинади.
Экспорт ва марказ ичидаги фаолият учун фойда солиғи ва ҚҚС, шунингдек, хорижий ходимлар учун ЖШОДС бўйича нол фоизли ставка қўлланилади.
Enterprise Uzbekistan’да ишлайдиган хорижий мутахассислар 3 йилгача муддатга виза олишлари мумкин бўлади. Уларнинг меҳнат режими шартномавий тартибга солиш, камситишларга йўл қўймаслик, меҳнат хавфсизлиги ва адолатли ҳақ тўлаш тамойилларига асосланади. Масофадан ишлаш, мослашувчан иш жадвали, шунингдек, муқобил меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига рухсат берилади.
Бундан ташқари, резидентлар тартибга солувчи “қумдон” доирасида бозорнинг чекланган сегментида, назорат остидаги шароитларда инновацион технологиялар, маҳсулотлар ва хизматларни синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Улар:
- қонунчиликнинг айрим талабларидан вақтинча озод қилиниши;
- лицензия ва рухсатномаларни соддалаштирилган тартибда олиши;
- марказнинг тадқиқот лабораториялари ва бошқа инфратузилмасидан фойдаланиши мумкин.
Синов муддати 12 ойгачани ташкил этади. Агар синов давомида ечим ўз самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатса, уни марказда доимий асосда жорий этиш ёки мамлакат миқёсида босқичма-босқич кенгайтириш мумкин бўлади.
Махсус ҳуқуқий режим доирасидаги фуқаролик, иқтисодий, корпоратив, меҳнат ва бошқа низолар Тошкент халқаро тижорат судининг юрисдикциясига киради. У Тошкент халқаро молия маркази ҳузурида ташкил этилган.
Бошқарув ва ривожланиш босқичлари
Президент бощилигидаги Бошқарув кенгаши Enterprise Uzbekistan‘нинг олий органи ҳисобланади. Ижро этиш вазифаларини марказ маъмурияти амалга оширади.
Маъмурият қоидаларни ишлаб чиқиш, иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, лойиҳалар мониторингини юритиш ва “тартибга солиш қумдони” фаолиятини таъминлаш учун масъулдир.
Биринчи босқичда марказ органлари тартибга солувчи қарорлар тўплами қабул қилинишини таъминлайди. Улар қуйидаги амалий тартибларни белгилайди:
- рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш;
- инвестициялаш;
- солиқ ва божхона маъмуриятчилиги;
- меҳнат муносабатлари;
- маълумотларни ҳимоя қилиш ва махсус ҳуқуқий режимнинг бошқа элементлари.
Келгусида марказ асосий эътиборни норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, рақамли хизматларни ишга тушириш ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратади. Шунингдек, у глобал технологик компаниялар, стартаплар, инвесторлар ва халқаро ҳамкорларни жалб қилади.


