Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 25август · Сешанба
USD 11 818,07 ▼ −35,48 EUR 13 788,14 ▼ −81,70 RUB 141,69 ▼ −0,17 GBP 16 118,67 ▼ −70,91
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Молиявий жарималар устидан шикоят қилиш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартиби белгиланади

Энди молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин бўлади. Шунингдек, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни эса ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш механизми белгиланади.

Қонунчилик палатаси мажлисида молиявий жарималарни қўллаш, улар устидан шикоят қилиш ва ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш тартибини белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Лойиҳага кўра, молиявий жарима қўллашнинг ягона ва шаффоф тартиби жорий этилади. Тадбиркорлик субектларига молиявий санкцияларни ихтиёрий ҳамда енгиллаштирилган тартибда бажариш имконияти берилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин бўлади. Қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни эса ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш механизми белгиланади.

Лойиҳада молиявий жаримадан озод этиш ёки уни олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган. Суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган жарима суммаларини қисқа муддатда қайтариш, кечиктирилган тақдирда эса фоиз тўлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ҳужжатда суд назоратини кучайтириш ва молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини соддалаштириш орқали тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга эътибор қаратилган.

Қонун лойиҳаси ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий бартараф этиш, молиявий мажбуриятларни ўз вақтида бажаришни рағбатлантириш ҳамда давлат органлари ва тадбиркорлик субектлари ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришга қаратилган. Муҳокамалардан сўнг ҳужжат депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар 1 ой ичида молиявий жариманинг 50 фоизини тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилиши ҳақида хабар берилганди. Бу ҳақда президентнинг 15-апрелдаги қарорида белгиланган. Агар суд томонидан жарима қарори бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, олдин ундирилган маблағлар 15 кун ичида қайтарилади. Агар пул ўз вақтида қайтарилмаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 300 дан бирига тенг миқдорида фоиз тўланади.