Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 23ноябр · Душанба
USD 12 004,48 ▲ +32,84 EUR 13 155,71 ▼ −4,71 RUB 146,56 ▲ +0,23 GBP 15 721,07 ▼ −27,62
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда тадбиркорларни аноним мурожаатлар асосида текшириш тақиқланади

“Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳририда муҳокамага қўйилди. Лойиҳадан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган яна бир қатор муҳим янгиликлар ўрин олган.

Бизнес-омбудсман “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ушбу қонун лойиҳаси 1998 йилда қабул қилинган амалдаги қонун ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш, мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркор ва назорат органи муносабатларида аниқ, шаффоф ва адолатли қоидаларни белгилашга қаратилган.

Аноним мурожаатлар текширув ўтказишга асос бўлмайди

Хусусан, Ўзбекистонда аноним мурожаатлар, шунингдек ҳуқуқбузарликнинг аниқ факти ва уни текшириш имконини берувчи маълумотлар кўрсатилмаган мурожаатлар текширув ўтказилишини ташаббус қилиш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказилишини ташаббус қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • “хавфни таҳлил этиш” электрон тизими натижалари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатлари;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган аниқ факт ва ҳолларга оид маълумотлари;
  • ОАВ, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва бошқа ахборот манбаларида эълон қилинган қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилгани тўғрисидаги маълумотлар.

Оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва бошқа ахборот манбаларида эълон қилинган маълумотлар текширув ўтказилишини ташаббус қилишдан олдин назорат қилувчи орган томонидан уларнинг асослилиги ва ишончлилиги дастлабки баҳоланиши лозим.

Қонун лойиҳасига кўра, жарима солиш инспекторнинг ютуғи ҳисобланмайди. Инспекторнинг иши нечта текширув ўтказгани ёки қанча жарима солгани билан баҳоланмайди. Ходимга ҳам кўп жарима солгани учун мукофот ёки устама берилмайди. Асосий мақсад — тадбиркорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қонунбузарликнинг олдини олиш ва текширувларни қонуний ўтказиш.

Тадбиркор ўзининг ҳақлигини исботламайди

Тадбиркор айбдорлигини эмас, аксинча, инспектор тадбиркор қонунни бузганини исботлаши керак. Агар масалада аниқ жавоб бўлмаса ёки шубҳа бўлса, у тадбиркор фойдасига ҳал қилинади. Қонунсиз текширувнинг кучи йўқ. Агар текширув қонун бузилган ҳолда ўтказилган бўлса, унинг натижаси ҳақиқий ҳисобланмайди. Бундай текширувдаги далиллар билан тадбиркорни жазолаб бўлмайди. Ноқонуний ундирилган пул ва олиб қўйилган мол-мулк қайтарилади, зарар қоплаб берилади.

Тадбиркор инспекторни киритмаслиги мумкин

Агар инспекторда керакли ҳужжат ёки рухсат бўлмаса, текширув рўйхатдан ўтказилмаган бўлса ёки қонун талаблари бузилган бўлса, тадбиркор уни ўз ҳудудига киритмаслиги мумкин. Бизнес ҳимоя QR коди орқали ташрифлар ҳисобга олинади. Тадбиркорга келган текширувчилар, профилактика тадбирлари ва бошқа хизмат ташрифлари электрон тизимда қайд этилади.

Мансабдор шахс ташриф бошланишидан олдин QR код орқали рўйхатдан ўтади. Мақсад тадбиркор билан давлат хизматчиси ўртасидаги мулоқотни очиқ ва шаффоф қилишдан иборатдир. Рейд ёки ўрганиш деб атаб қонуний текширувни четлаб ўтиб бўлмайди. Текширувни рейд, ишчи гуруҳ, кузатув ёки бошқа ном билан атаб қонундаги талабларни четлаб ўтиш мумкин эмас.

Лойиҳага кўра, айни бир тадбиркорлик субъекти билан бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба асоссиз назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотга киришган назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсининг охирги мулоқот қайд этилган санадан эътиборан 12 ой давомида мазкур тадбиркорлик субъектида ўтказиладиган назорат тадбирларида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Ушбу қонун лойиҳаси 25 ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.