Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Банк иловаларида телефон рақами эгаси фойдаланувчи билан мос келиши текширилади

Ўзбекистонда банк ва тўлов иловаларида рўйхатдан ўтишда телефон рақами эгасининг ЖШШИРи фойдаланувчининг ЖШШИРига мослиги текширилади. Мослик бўлмаса, мобил иловада рўйхатдан ўтиш ёки банк картасини бириктиришга рухсат берилмайди, яқин қариндошларга тегишли рақамлар бундан мустасно. Веб-сайтлар орқали P2P ўтказмаларни амалга ошириш эса тақиқланади.

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизмат кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича талабларни кучайтирди. Тегишли қарор 14-август куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Янги тартибга кўра, фойдаланувчини мобил иловада рўйхатдан ўтказишда масофавий биометрик идентификациядан ўтказиш талаб қилинади. Шунингдек, фойдаланувчининг телефон рақамига боғланган шахснинг ЖШШИРи иловада рўйхатдан ўтаётган шахснинг ЖШШИРига мослиги текширилади. Агар мослик аниқланмаса, рўйхатдан ўтиш ёки банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди ва фойдаланувчига бу ҳақда СМС юборилади.

Бироқ телефон рақами фойдаланувчининг яқин қариндошига тегишли бўлса ва қариндошлик тасдиқланса, рўйхатдан ўтишга рухсат берилади. Қоидаларга кўра, ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзандлар, эр-хотин, шунингдек эр ёки хотиннинг ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари ва фарзандлари яқин қариндош ҳисобланади.

P2P ўтказмаларда янги талаблар

Банк ва тўлов ташкилотлари ОТП-код ёки бошқа аутентификация усули талаб қилинмайдиган P2P пул ўтказмаларининг максимал миқдорини ўз риск сиёсатидан келиб чиқиб белгилаши керак бўлади. Бундай тасдиқлашсиз амалга оширилган P2P ўтказмалар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари учун жавобгарлик кредит ёки тўлов ташкилоти зиммасида бўлади.

Белгиланган лимитдан юқори барча P2P ўтказмалар ОТП-код ёки бошқа муқобил аутентификация усули билан тасдиқланиши шарт. Веб-сайтлар орқали P2P ўтказмаларни амалга ошириш эса тақиқланади. Бошқа қурилмадан киришда карталар вақтинча блокланади Мавжуд аккаунт паролини тиклаш ёки унга бошқа қурилмадан кириш фақат биометрик идентификациядан ўтгандан кейин амалга оширилади.

Бунда аккаунтга боғланган барча банк карталари автоматик равишда нофаол ҳолатга ўтказилади. Уларни қайта фаоллаштириш учун ОТП-код билан тасдиқлаш талаб этилади. Агар фойдаланувчининг қурилмасида зарарли дастур мавжудлиги ёки қурилма масофадан бошқарилаётгани аниқланса, банк ёки тўлов ташкилоти мижозга ПУШ ва СМС-хабарнома орқали зудлик билан огоҳлантириш юбориши керак.

Шунингдек, мобил иловадаги молиявий операцияни тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига операцияни айнан ўзи, фирибгарлар аралашувисиз амалга ошираётганини тасдиқлашга қаратилган огоҳлантириш кўрсатилади. Пул ўтказмаларида жўнатувчи ва қабул қилувчи банк картаси эгаларининг исм-фамилияси мобил иловада қисман яширилган ҳолда кўрсатилиши белгиланган.

Янги талаблар қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.