Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июнь ойларида савдо хизматлари ҳажми қарийб 170 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 14,9 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Ҳудудлар орасида энг катта ҳажм Тошкент шаҳрида — 71,8 трлн сўм қайд этилган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти 14,8 трлн сўм, Фарғона вилояти 12,1 трлн сўм ва Самарқанд вилояти 11,3 трлн сўм билан жойлашган.
Наманган ва Андижон вилоятларида савдо хизматлари ҳажми бир хил — 9,1 трлн сўмдан бўлган. Бухоро вилоятида кўрсаткич 7,4 трлн сўмни, Қашқадарёда 7 трлн сўмни, Сурхондарёда эса 6,5 трлн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Хоразм вилоятида 5,2 трлн сўмлик, Қорақалпоғистон Республикасида 4,8 трлн сўмлик савдо хизматлари кўрсатилган.
Жиззах ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич 4 трлн сўмдан бўлган. Энг паст ҳажм Сирдарё вилоятида — 2,6 трлн сўм қайд этилган.
Статистика ҳудудлар ўртасидаги савдо хизматлари ҳажмида сезиларли тафовут сақланаётганини кўрсатади: Тошкент шаҳри мутлақ ҳажм бўйича қолган ҳудудлардан анча олдинда.
Аввалроқ 2026 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 447,9 трлн сўмни ташкил этгани, унинг таркибида энг катта улуш хизматлар соҳасига тўғри келиб, 240,1 трлн сўм ёки 56,2 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди.


