Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Молия

Айрим банклар кечикаётган кредитлар учун ставкани 180 фоизгача ошираётгани аниқланди

Шунингдек, кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар қўлланилаётгани маълум бўлди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк томонидан тижорат банкларининг кредит шартномаларида тўловлар кечиктирилганда қўлланилаётган жарима ва санкциялар таҳлил қилинди. Ўрганишлар айрим амалиётлар адолат ва мутаносиблик тамойилларига зид эканини кўрсатди.

Таҳлиллар натижасида айрим банкларда:

  • кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланадиган фоиз ставкалари шартномада белгиланган йиллик ставкага нисбатан бир неча баробарга, айрим ҳолатларда йиллик 150–180 фоизгача оширилаётгани;
  • кредит бўйича фоизларни тўлаш кечиктирилганда энг юқори чегараси белгиланмаган кунлик пеня ҳисобланаётгани;
  • кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар қўлланилаётгани аниқланган.

Шу муносабат билан Марказий банк:

  • кечиктирилган мажбуриятлар учун қўлланиладиган санкцияларнинг компенсацион характерга эга бўлишига эътибор қаратиш;
  • қарз олувчилар учун тўловни кечиктириш билан боғлиқ молиявий оқибатларнинг аниқ ва олдиндан тушунарли бўлишини таъминлаш;
  • кредит шартномаларида жавобгарлик чораларини адолат ва мутаносиблик тамойиллари асосида белгилаш лозим деб ҳисоблайди.