Тошкент вилояти Янгийўл туманида тўқимачилик корхонасига экспорт қилган маҳсулоти учун 2,0 миллиард сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилди. Бу ҳақда Kommers.uz’га Бизнес вакил девони матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига Янгийўл туманида рўйхатдан ўтган тўқимачилик корхонаси томонидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра, жамият экспорт қилган маҳсулоти учун қайтарилиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғини қайтариб олиш учун бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, давлат солиқ хизмати ва ғазначилик идораси томонидан қайтариб берилмаётганини билдириб, масалани ҳал этишда амалий ёрдам сўралган.
«Вакил девони томонидан ваколатли органларга юборилган сўровномадан сўнг жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига 2,0 миллиард сўм миқдорида мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтарилиши таъминланди ва ўз навбатида жамиятнинг айланма маблағлари учун тижорат банклардан қўшимча кредит олишига ҳожат қолмади», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Савдо-саноат палатаси молия бозори иштирокчилари ўртасидаги муносабатларда ҳукумат аралашувини камайтирмоқчи
Аввалроқ Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама, трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди.


