Ўзбекистондаги компанияларнинг ярмидан кўпи — 56 фоизи 2023 йил ўз ходимларини кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда HeadHunter Uzbekistan компанияси томонидан 2022 йил 10-31 август кунлари иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровномада маълум бўлди.
Компаниянинг Kommers.uz’га хабар қилишича, иш берувчиларнинг 21 фоизи ҳали бу масала бўйича қарор қабул қилмаган, 23 фоизи эса ходимлар сонини кўпайтиришни режалаштирмаяпти.
Респондентлар орасида чакана савдо (21 фоиз), қурилиш ва кўчмас мулк (10 фоиз), таълим (7 фоиз), ахборот технологиялари (7 фоиз) ҳамда молия (6 фоиз) соҳаларидаги компаниялар устунлик қилган.
Бошқа барча тармоқлар — 4 дан 1 фоизгача. Иштирокчиларнинг умумий сони — 126 та компания.
Ходимларни кенгайтиришга тайёр бўлганларнинг энг юқори улуши чакана савдо, тиббиёт ва фармацевтика, қурилиш ҳамда кўчмас мулк компаниялари орасида бўлди.
Кенгайиш бўйича энг машҳур бўлим савдо бўлими (36 фоиз) бўлди. Иккинчи ўринда ишлаб чиқариш (16 фоиз), маркетинг бўлими — учинчи (9 фоиз).
Юқори қисмини ахборот технологиялари бўлими (7 фоиз) ва бошқарув бўлими (3 фоиз) якунлади.


