Ўзбекистон Беларусь фуқаролари учун махсус туристик хизматлар ташкил этишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йиғилишда Ўзбекистон томони Беларусь фуқаролари учун «Оила учун туризм», «Қуёшли таътил», «Витаминли тур», «Ўқиш ва саёҳат» каби махсус туристик хизматларини ташкил этишга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, Беларусь томони ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТ жаҳон туризм ташкилоти бош ассамблеясининг 25-сессиясида иштирок этишга таклиф қилинган.
Маълум қилинишича, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони тўрт бараварга ошиб, 157 тани ташкил этган. Жорий йилнинг етти ойида 58 та корхона ташкил этилган. Ўз навбатида, Беларусда ўзбек капитали иштирокидаги 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида инвестицияларни рағбатлантиришга оид битим тасдиқланганди. 20 июль куни «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.


