Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари иш бошлади

Ўзбекистон бўйича деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли зич истиқомат қиладиган маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари иш бошлади. Улар 5 сентябрга қадар фаолият олиб боради.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Мустақиллик байрамининг 31 йиллиги олдидан ва байрам кунлари пойтахт ҳамда республиканинг барча шаҳар, туман марказларида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг байрам олди савдо ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мамлакатдаги деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли зич истиқомат қиладиган маҳаллаларда ташкил этилган ярмаркалар 2022 йилнинг 20 августидан 5 сентябрига қадар ҳар куни бозорларнинг иш вақти чегарасида, яъни соат 08:00 дан 20:00 гача ишлайди.

«Озиқ-овқат ярмаркасининг формати фермерлар ва деҳқонларга ўз маҳсулотларини пештахталарни ижарага олмаган ҳолда харидорларга тўғридан-тўғри сотиш имкониятини беради. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини камайтиради ва харидорлар учун якуний нархда ўз аксини топиши шубҳасиз. Тўловларни пластик карталар ёрдамида амалга ошириш мумкин», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳридаги асосий 11 та: Фарҳод, Аския, Сергели, Эски Жува, Авиасозлар, Қўйлиқ, Юнусобод, Миробод, Қорақамиш, Наврўз ва Чилонзор деҳқон бозорларида мева-сабзавот, полиз, дуккакли, гуруч, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, шакар ва турли ичимликлар савдоси ташкил этилган. 

Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус озиқ-овқат ярмаркаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотилишини кунлик мониторинг қилмоқда. Шунингдек, вазирлик уларнинг нарх-навоси ҳамда бозорларнинг маҳсулотлар билан таъминланганлик даражасини кузатиб бормоқда.

Вазирликнинг таъкидлашича, ҳар бир алоҳида бозорда ярмаркалар ўз хусусиятлари ва ассортиментига эга. Сабаби улар республиканинг турли вилоятларидаги деҳқонлар томонидан шакллантирилмоқда.