Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Мол-мулкка тақиқ қўйилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади

Ҳукумат қарори билан мол-мулкка тақиқ қўйилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади. Нотариус у орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда мол-мулкка тақиқ қўйилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади. Ҳукумат қарори билан Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 октябрдан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш хатлаб қўйилгани, шунингдек хатлаб қўйиш бекор қилингани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.

Маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

  • жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар — Ички ишлар вазирлиги;
  • юридик шахсга оид маълумотлар — Адлия вазирлиги;
  • кўчмас мулкка оид маълумотлар — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
  • қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
  • аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
  • кемаларга оид маълумотлар — Транспорт вазирлиги;
  • кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.

Нотариус электрон маълумотлар банки орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши мумкин.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди.

Мурожаатга асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали тақдим этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат онлайн тарзда амалга оширилгани ҳақида хабар берилганди.