Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари ягона базада сақланади

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари ягона базада сақланади. Базага киритиш жараёнлари «Интеллектуал мулк маркази» томонидан мувофиқлаштирилади.

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби белгиланди. Ҳукумат қарори билан Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Мазкур Низом муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлашга қабул қилувчи ташкилотлар (депозитарийлар) томонидан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (Ягона база) сақлаш тартибини белгилайди.

Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Ягона базада қуйидаги муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари сақланади:

  • адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);
  • драма ва сценарий асарлари;
  • матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари;
  • мусиқали драма асарлари;
  • хореография асарлари ва пантомималар;
  • аудиовизуал асарлар;
  • рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари;
  • манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;
  • архитектура, шаҳарсозлик ва саҳна безаги санъати асарлари;
  • фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;
  • география, геология хариталари ва бошқа хариталар, география, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;
  • барча турдаги электрон ҳособлаш машиналари учун дастурлар.

Муаллифлик ҳуқуқи объектининг электрон назорат нусхалари Ягона базада муддатсиз сақланади. Унинг Ягона базага киритилгани ҳақидаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини бузаётган сайтларнинг реестри юритилиши ҳақида хабар берилганди.