Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Мустақиллик байрами муносабати билан қандай чегирмалар эълон қилинди?

Uzbekistan Airways, «Ўзбекистон темир йўллари» рейслари ва «Вақф» хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос объектларини зиёрат қилишга чегирмалар эълон қилинди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Мустақиллик байрами муносабати билан 2022-йил 1-2-3-4-сентябрь кунлари аҳолининг дам олиш кунларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмга жалб этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралардан республика бўйлаб белгиланган чегирмалар тўғрисида маълумотлар жамланди.

Uzbekistan Airways Мустақиллик байрами муносабати билан 2022-йил 1–2–3–4-сентябрь кунлари амалга ошириладиган барча маҳаллий авиақатновларнинг барча турдаги тарифларига 50 фоиз чегирма эълон қилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» томонидан республиканинг барча ички қатновлари учун (2022-йил 1–2–3–4-сентябрь кунлари) 10 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар белгиланди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос объектлари (зиёратгоҳ ва қадамжолар)да 2022 йил 1–2–3–4-сентябрь саналарида Ўзбекистон фуқаролари учун кириш чипталар нархига 50 фоиз чегирма жорий қилинди.

Шу билан бирга, республика бўйлаб жойлашган музейлар, меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари томонидан тақдим этилган ихтиёрий чегирмалар иловага мувофиқ юборилмоқда.