Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорларга солиқ ҳисоботи вақтида тақдим этилмаса нима бўлиши бўйича эслатма билан чиқди.
Маълум бўлишича, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.
Ҳисоботларни вақтида топширмаслик маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Юридик шахснинг раҳбарига эса БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Қайд этилишича, илгари бундай ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига нисбатан маъмурий жавобгарлик билан бир қаторда молиявий санкциялар ҳам назарда тутилган эди. Президент Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан ушбу молиявий санкциялар бекор қилинган.
Қўмитага кўра, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини белгиланган муддат тугаганидан кейин 10 кун ичида тақдим этмаганда солиқ ҳисоботларини тақдим этмаганлиги учун солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатилади.
Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик биринчи маротаба содир этилганда ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун ичида ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда жавобгарликдан озод этилади.
Аввалроқ ДСҚ айрим солиқ тўловчиларга эслатма билан чиққанди.
Унга кўра, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилинган тадбиркорлик субъектлари ушбу солиқларнинг ҳисобланган суммасининг 1 фоизини тўлайди. Бу меъёр Солиқ кодексининг 483-моддаси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган имтиёзларга нисбатан қўлланилади. Ўзгариш 2022 йил 7 августдан кучга кирган.
Маълум бўлишича, шахсий кабинетда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига юқоридаги ўзгартиришлар асосида август ойидан бошлаб йил охирига қадар (5 ой учун) автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган.
Солиқ қўмитасининг эслатишича, 1 фоиз ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар 2022 йил 10 августгача солиқ органларига мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича янгиланган маълумотномани тақдим этиши, август ойи учун ҳисобланган суммани тўлаши шарт.


