Coca-Cola HBC Украинага босқин бошланиши муносабати билан Россияда ичимликлар савдосининг тўхтатилиши харажатлари туфайли йилнинг биринчи ярмида 190 миллион евро зарар кўрди. Бу ҳақда компания тақдим этган молиявий ҳисоботда маълум қилинди.
Ҳужжатга кўра, ишлаб чиқарувчи йилнинг иккинчи ярмида 82 миллион евро миқдорида янги молиявий йўқотишларни кутмоқда.
Бунинг сабаби, Россияда товарларнинг қолган захиралари «деярли тугаши» ва мамлакатда Coca-Cola ичимликлар ишлаб чиқариш ва сотиш режалаштирилмагани, дея ҳисобланмоқда.
«Компаниянинг соф фойдаси йилнинг биринчи ярмида 34 фоизга камайди ва 153 миллион еврони ташкил қилди», дейилади ҳисоботда.
Бунга сабаб қилиб компаниянинг Россиядан чиқиб кетиши ва давом этаётган инфляция келитирилган.
Coca-Cola компанияси 2022 йил 16 июнь куни Россияда Coca-Cola ва бошқа бренд ичимликлар ишлаб чиқармаслиги ва сотмаслигини маълум қилди. Россияда компаниянинг ўнта заводи мавжуд эди. 21 июнь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги компания маҳсулотлари параллель импорт рўйхатига киритилмаслигини билдирди.
Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Иван чойини Coca-Cola’дан кўра фойдалироқ ичимлик деб атаганди.
«Ҳазил, аммо бу Coca-Cola’дан кўра фойдалироқ ичимлик. Унда (Coca-Cola’да) фақатгина кимёвий моддалар бор» — деган эди Россия Президенти.
Шунингдек, Россияда «Очаково» компанияси май ойида Америка брендлари аналоги бўлган маҳсулотлари — Cool Cola, Fancy ва Street’ни ишлаб чиқаришни бошлади. Россиянинг янги «кола»си бозордаги улуши май-июнь ойларида беш фоизини ташкил этди.


