Туркия 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Россиядан газ етказиб берилиши чекланиши оқибатида Европада юзага келган энергетика инқирозини енгиш учун «энергия коридори» яратишни таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Turkiye газетаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Анқара бундай ташаббус билан Украинадан «дон йўлаги» очилганидан сўнг чиқмоқчи. Бу масала ШҲТнинг Ўзбекистондаги саммитида муҳокама қилиниши мумкин.
Россия етакчиси Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитига таклиф қилган. Тадбир 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Эрдўғон ШҲТ саммитидан олдин Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюради ва АҚШга ташрифи чоғида мамлакат Президенти Жо Байден билан учрашади.
Июль ойида Истанбулдаги музокараларда Россия ва Украина Украина донининг Қора денгиз орқали экспортини қайта тиклаш бўйича келишувларни имзолаган эди.
«Туркия Россия эмбаргоси туфайли Европа давлатлари бошидан кечирган энергия инқирозини ҳал қилишда фаол роль ўйнаши мумкин ва бу доирада сиқилган табиий газни Туркия орқали Европага ташиш масаласи кун тартибида бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Европа Иттифоқи (ЕИ) атом ва кўмир электр станциялари фаолиятини 2022-2023 йилда узайтириши мумкин. Бу ҳақда Ички бозор бўйича Европа комиссари Тьерри Бретон хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари қишни Россия газисиз ўтказиш учун шундай қадам ташламоқда.
Европа Комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен эса Брюсселдаги матбуот анжуманида Россиядан газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш эҳтимоли борлигини айтган. Фон дер Ляйен воқеаларнинг бундай ривожланиши Европа Иттифоқининг барча мамлакатларига таъсир ўтказади деб ҳисоблайди.


