Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

USAID ўғитлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш доирасида концепция таклифларини эълон қилди

Ушбу дастур орқали УСАИД Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқаришни кўпайтириш, сифатни яхшилаш ҳамда ўғит сотиш орқали ички ва минтақавий бозор улушини ошириш учун техник ёрдам ва янги технологияларга сармоя киритади

USAID 1 миллион долларлик ўғитлар ишлаб чиқариш ва самарадорлик жамғармаси доирасида концепция таклифларини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда ўғитлар ишлаб чиқариш ва сотишни яхшилаш ҳамда кўпайтиришга қаратилган Ўғитлар ишлаб чиқариш ва самарадорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ишга туширилганини эълон қилди. Жамғарма қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлайди ва озиқ-овқат билан таъминланишини оширишга ёрдам беради. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистоннинг бир қатор хусусий ўғит ишлаб чиқарувчилари 4 млрд сўмгача бўлган янги технологиялар ва якка тартибда ўқитиш имкониятига эга бўлади.

USAID манфаатдор компанияларнинг концептуал аризаларини кўриб чиқишга тайёр эканлигини таъкидлади.

«Пандемия бошланганидан бери глобал ўғитлар нархи деярли икки баравар ошди ва бу озиқ-овқат нархини оширди. Фермерларнинг юқори сифатли ўғитларга эга бўлиши ва уларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш озиқ-овқат нархлари барқарорлигини ва шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўсишини таъминлайди», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Мичаэла Мередит.

Ушбу ташаббус орқали USAID ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш учун янги технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бериши ва фермерларни ўғитлардан самаралироқ фойдаланишга ўргатишини қўшимча қилди.

2022 йил USAID ўзбек фермерлари ва ўғит ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқат билан таъминлаш учун 2 миллион доллар миқдоридаги янги мажбуриятни эълон қилди. Бу маблағнинг қарийб ярми янги ташкил этилган ўғитлар ишлаб чиқариш ва улардан самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади. Маблағлар АҚШ Президенти  томонидан 2022 йил июнь ойида G7 етакчилари саммитида эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирозини молиялаштириш учун жами 2,76 млрд доллар миқдоридаги маблағнинг бир қисми ҳисобланади.

USAID Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ва Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни ўзини-ўзи таъминлаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, 5000 фермер ва экин агентлари учун ўғитларнинг илғор тажрибалари бўйича тренинглар ташкил қилади.

Жамғарма ўғитлар ишлаб чиқариш ва сотишни яхшилаш ҳамда кўпайтиришга қаратилган қиймати 4 млрд сўмгача бўлган концептуал аризаларни кўриб чиқади.

Органик ўғитлар ишлаб чиқаришга қаратилган аризалар ҳам қабул қилинади. Ариза топширишнинг охирги муддати  2022 йил 1 декабргача қилиб белгиланди.

Аввалроқ USIAD Ўзбекистонда 500 млн сўмлик тадбиркорлик ғоялари танловини эълон қилган эди.

Бу ўз навбатида, агросаноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонга ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий ҳамда халқаро савдо ҳажмларини ошириш имконини берди.