Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик билан шуғулланиш, уларнинг муассиси бўлиш, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва чет элда кўчмас мулк олиш тақиқланади. Янги қонунга кўра, хизматчи даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак бўлади.

Фото: ura.ru

Ўзбекистонда давлат хизматчиларига тадбиркорлик муассиси бўлиши тақиқланади. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланади.

Шунингдек, у даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак. Президент томонидан тасдиқланадиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг реестри Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади.

Давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади. Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади.

Давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш қуйидагилардан иборат:

  • базавий лавозим маоши;
  • кўп йиллик хизмати учун қўшимча тўлов;
  • малака даражаси учун қўшимча тўлов;
  • энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларга эришганлик учун устама;
  • ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантирувчи тўловлар.

Давлат хизматчиларига ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади.

Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, октябрь ойидан кучга киради.