Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда биллинг тизими тўлиқ ишга туширилади

Ҳудудларда ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳаси тўлиқ жорий этилади ва биллинг тизими тўлиқ ишга туширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

9Ҳудудларда ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳаси тўлиқ жорий этилиши ва биллинг тизими тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Norma хабар берди.

Маълум бўлишича, 5 августда Вазирлар Маҳкамасининг «Республика истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, газ таъминоти тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида 2022 йил октябрь ойида ҳудудларда ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасинг тўлиқ жорий этилиши ва биллинг тизими тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Навоий, Бухоро вилоятларида ва Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичлар бу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилади.

Бундан ташқари, истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришнинг «газ тақсимлаш станцияси–туман (шаҳар) чегараси–йирик участкаларнинг кириш қисми–истеъмолчи» технологик занжири асосида 1 минг 800 та электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ва мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • 2022-2024 йилларда республика ҳудудларидаги ер участкаларида жойлашган аҳоли хонадонларининг газ таъминоти тизимини икки босқичли тизимга ўтказишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • 2022 йилда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти тизимидаги газ тармоқларининг геоахборот тизимини жорий этиш бўйича қурилмаларнинг электрон топографик харитаси ва атрибутив маълумотларини шакллантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • 2022-2024 йилларда «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг газ таъминоти тизимини модернизация ва реконструкция қилиш чора-тадбирларининг мақсадли кўрсаткичлари;
  • Газ таъминоти тизимидаги ходимларнинг хорижий давлатлар ихтисослашган компаниялари ва марказларида малакасини ошириш, корпоратив бошқарув кўникмаларини шакллантириш бўйича «йўл харитаси».

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 5 августдан кучга кирган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги газ қувурларининг ярмидан кўпи ўттиз йилдан ортиқ ишлатилаётгани хабар қилинганди. Оқибатда йўқотишлар миқдори 20 фоиздан ошиб кетаяпти.

Хусусан, бугунги кунда Жиззах шаҳар газ таъминоти тизимида 767 километр қувур, 6 та газ тақсимлаш станцияси, 1 минг 600 дан зиёд газ тақсимлаш пункти бор. Ушбу тизимни халқаро стандартлар асосида ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш орқали модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.