Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Amazon 1,7 млрд долларга ақлли чангюткичлар ишлаб чиқарувчи компанияни сотиб олади

Amazon компанияси Roomba робот чангютгичларини ишлаб чиқарувчи iRobot компаниясини сотиб олишини эълон қилди. Битим суммаси тахминан 1,7 млрд долларни ташкил этади. iRobot акциялари бу янгилик туфайли деярли 20 фоизга қимматлашди.

Amazon Roomba ақлли чангютгичларини ишлаб чиқарувчи iRobot компаниясини сотиб олганини эълон қилди. Бу ҳақда Businesswire хабар берди.

Маълум бўлишича, битимнинг умумий қиймати компаниянинг соф қарзини ҳисобга олган ҳолда тахминан 1,7 миллиард долларни ташкил этади. Таъкидланишича, мазкур келишув якунига етказилиши учун iRobot акциядорлари ва регуляторларининг розилиги керак бўлади.

Amazon iRobot акцияларининг ҳар бирини 61 доллардан сотиб олади. Янгиликлар фонида, iRobot’нинг акциялари нархи 19,32 фоизга ўсиб, 59,64 долларга етган. Кескин ўсишдан сўнг, iRobot қимматли қоғозлари савдоси вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, янгилик сабаб Amazon акциялари, аксинча, 0,71 фоизга тушиб, ҳар бир акциянинг нархи 141,56 долларга тўғри келган.

Маълумот ўрнида, iRobot 1990 йилда ташкил этилган. У робототехника ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Компания, хусусан, ўзининг Roomba — робот чангютгичлари билан машҳур ҳисобланади.

Аввалроқ Amazon омборларда ишлайдиган иккита роботни тақдим этганди. Компаниянинг таъкидлашича, роботлардан бири баъзи олдинги моделлардан фарқли ўлароқ, ходимлар орасида хавфсиз ҳаракатлана олади. Proteus роботларида навигацияга ёрдам бериш учун ўрнатилган лазер нурлари мавжуд. Бирор киши сканерлаш майдонига кирганда робот тўхтайди ва йўл аниқ бўлганда ҳаракатни давом эттиради.