«Фарғонаазот» АЖнинг 99,02 фоиз акциялар пакети сотилиши ҳақида хабар берилганди, корхонага Америка, Осиё ва Европа давлатларидан харидорлар чиқди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Осиё, Европа ва Американинг 10 нафар халқаро инвестори томонидан корхонани сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) тўғрисидаги аризалар тақдим этилган. Ўз навбатида, 5 та талабгорнинг дастлабки саралаш босқичи (RfQ) аризалари учун тўлиқ ҳужжатлар тўплами келиб тушган.
Давактив агентлиги ҳамда унинг маслаҳатчилари томонидан саралаш учун келиб тушган барча аризалар 2022 йил 2 июнь кун чоп этилган ҳужжатлардаги саралаш босқичи мезонларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганиб чиқиш натижасида, талабгорлардан келиб тушган аризаларнинг биттаси дастлабки саралаш босқичининг талабларига номувофиқлиги сабабли хусусийлаштириш жараёнларининг навбатдаги босқичига ўтказилмаган, қолган барча талабгорлар кейинги босқичга ўтказилган.
Келгуси икки ҳафта давомида, мазкур талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг келгуси босқичларида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда уларга кейинги босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Procedures Letter) юборилади.
Хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, ушбу талабгорлар билан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзолаш таклиф этилади, сўнгра уларга халқаро маслаҳатчилар томонидан тайёрланган компаниянинг молиявий ва юридик маълумотлари, шунингдек таҳлилий ҳисобот (VDD)ларини ўз ичига олган виртуал ахборот хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, «Фарғонаазот» корхонаси устав капиталидаги 99,02 фоиз акция пакетларини музокаралар учун оммавий таклиф сотув жараёни орқали сотиш 2022 йил декабрь ойида бошланди.
Кейинчалик хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдириш бўйича таклифларни қабул қилиш муддати узайтирилди.


