Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Ўзбекистон 2026 йилда топ-50 инновацион давлатлар қаторига кириши мақсад қилинган» — инновацион ривожланиш вазири

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг 2022–2026 йиллардаги инновацион ривожланиш стратегияси юзасидан маълумот берди. Мазкур стратегияда мамлакат 2026 йилда топ-50 инновацион давлатлар қаторидан жой эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган.

Фото: АОКА

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон 2026 йилда топ-50 инновацион давлатлар қаторидан жой эгаллашни мақсад қилаётганини айтди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш стратегияси Президентнинг 2022 йил 6 июлдаги махсус фармони ва қарори билан тасдиқланган бўлиб, унда стратегиянинг асосий йўналишлари белгиланган.

Стратегияда кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, айнан инновацион корхоналарни ривожлантириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш назарда тутилган.

Шунингдек, янги турдаги маҳсулотлар ва инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга бўлган талабни рағбатлантирилади. Стратегияда яратилган капитални «тубдан янгиловчи» инновацияларга қайта йўналтириш тизимини шакллантириш белгиланган.

Стратегияга кўра ҳудудлардаги инновацион марказлар сонини 494 тагача, инновацион стартапларни 1 минг 437 тагача етказиш ва яратиладиган янги технологияларни 384 тагача ошириш; инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринларини 4 бараварга кўпайтириш; тижоратлаштириш натижасида яратиладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 бараварга ошириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, мазкур стратегияда мамлакат 2026 йилда ТОП-50 инновацион давлатлар қаторидан жой эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган. Қарорга кўра, ҳудудларда 224 та, тармоқларда 441 та, олийгоҳлар ва илмий ташкилотларда 1 минг 86 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Ҳозирда тармоқ ва олийгоҳ/илмий ташкилотлар кесимида жами 1 минг 751 та инновацион лойиҳалар шакллантирилган. Хусусан, ҳудудлар кесимида 2 минг 507 та иш ўрни яратиладиган 206 миллиард сўмлик 224 та лойиҳалар амалга оширилаётгани айтилган.

Тармоқлар кесимида эса, илмий-инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган 26 та тармоқ ташкилотларининг 6,6 триллион сўмлик 265 та лойиҳа; иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган 33 триллион сўмлик 176 турдаги инновацион маҳсулотларни сериялаб ишлаб чиқариш ва технологиялар ўзлаштирилиши назарда тутилган «драйвер» лойиҳалар шакллантирилган.

Бундан ташқари, илмий ва олий таълим ташкилотлари кесимида 76 та илмий ташкилотлар (400 миллиард сўмлик) ва 80 та (483,6 миллиард сўмлик) олийгоҳлар томонидан амалга ошириладиган 1 минг 86 та лойиҳа ишга туширилади. 1,5 миллион доллар ва 67,7 миллиард сўмлик 34 та йўналиш бўйича илмий-инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «спин-офф» корхоналар ташкил этилади.

Шунингдек, 113,9 миллиард сўмлик 134 та лойиҳа дастлабки техник ҳамда молиявий экспертизадан ўтказиш жараёнида, мазкур лойиҳалардан 10,7 миллиард сўмлик 27 та лойиҳа маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилиши белгиланган.

Аввалроқ Президентнинг «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди. Фармон билан 2022-2026 йилларда Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланган.