Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди

Тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш стратегиянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Президентнинг «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармон билан 2022-2026 йилларда Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди.

Қайд этилишича, кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш стратегиянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, фармонга мувофиқ стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

Мақсадли кўрсаткичлар доирасида:

  • инновацион фаолият субъектлари сони 613 тадан 2 250 тагача етказилади;
  • инновацион инфратузилма субъектлари сони 3 бараварга оширилади;
  • инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринлари сони 4 бараварга оширилади.

Маълум қилинишича, 2022 йил 1 августдан инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот» занжирининг яхлит тизими жорий этилади.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 августдан «тубдан янгиловчи» инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

  • маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар бўйича давлат органлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилади; 
  • устав фондида 50 ва ундан кўп фоиз давлат улуши бор хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунгача унинг 10 фоизгача ажратмаларидан Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. 

Бунда маблағлар «тубдан янгиловчи» инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.