Ўзбекистонда муаммоли банк кредитлари бор уй-жой мулкдорлари ширкатлари банкнинг хулосаси олинган тақдирдагина тугатилиши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида сўз боради.
Қарор билан 2022 йил 1 сентябргача муаммоли кредит қарзи бор уй-жой мулкдорлари ширкатининг (ЖЕК) бошқарув усулини ўзгартириш бўйича умумий йиғилиш қарори қабул қилинса, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Бунда, муаммоли банк кредитлари бор ширкатлар банкнинг хулосаси олинган тақдирдагина тугатилиши мумкин.
Тугатилган ёки бошқариш усули ўзгартирилган ширкатлар бошқарувидаги кўп квартирали уйларни бошқариш учун, қоида тариқасида, рейтинги юқори бўлган бошқарувчи ташкилотлар жалб қилинади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги жалб қилинган бошқарувчи ташкилот фаолиятини, хизматлар сифатини 6 ой мониторинг қилади ва кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларига риоя қилмаган бошқарувчи ташкилотларга чораларни қўллайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой бошқарув компаниялари фойда ва мулк солиғидан озод этилиши ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда мулкдор бузилган ва берилган уй-жойнинг бозор қиймати ўртасидаги фарқни тўламаслиги белгиланган.


