Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Германияда июль ойида инфляция кутилганидан юқорироқ ўсди

Юқори инфляция даражасининг асосий сабабларидан бири Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг энергетика ресурслари нархининг ошганидир.

Европа марказий банклари учун инфляциянинг асосий кўрсаткичи бўлган Истеъмол нархлари мувофиқлаштирилган индекси Германияда 2022 йил июль ойида 2021 йил июлига нисбатан 8,5 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Германиянинг Destatis статистика идораси сайтида хабар берилди.

Бу келажакда ўзгартирилиши мумкин бўлган дастлабки тахмин. Июль ойида Германияда умумий истеъмол нархлари индекси 7,5 фоизни ташкил этди, бу июнь ойига (7,6 фоиз) нисбатан паст.

Destatis’нинг қайд этишича, юқори инфляция даражасининг асосий сабабларидан бири Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг энергетика ресурслари нархининг ошганидир. 2022 йил июль ойида энергия нархлари 2021 йил июль ойига нисбатан 35,7 фоизга қимматлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса ўртача 14,8 фоизга ўсди.

Учинчи сабаб — бу коронавирус пандемияси натижасида келиб чиққан таъминот занжири узилишлар оқибатлари.

Мувофиқлаштирилган инфляция индекси Bloomberg нашри билан суҳбатлашган таҳлилчилар кутганидан юқори бўлиб чиқди.

«Улар июнь ойидаги 8,2 фоиздан кейин июлда бу кўрсаткич 8,1 фоизга пасайишни тахмин қилганди», деб ёзади агентлик.

Европа Комиссияси 14 июль куни йиллик нархлар ўсиши прогнозини ёмонлаштириб, уни 6,8 фоиздан 8,3 фоизга оширди. Евро ҳудудидаги инфляция ҳозирда рекорд даражада юқори бўлиб, Европа Марказий банки (EМБ ) тахмин қилган кўрсаткичдан (2 фоиз) тўрт баравар кўпроқ.

Нархларнинг ўсишига қарши курашиш учун EМБ 21 июлда асосий ставка фоизини кредитлар бўйича 0,5 фоизгача кўтарди.

EМБ ўн бир йил ичида биринчи марта ставкаларни оширди. EМБ президенти Кристин Лагард иқтисодий ўсишга зарар бермаслик учун ставкани ошириш босқичма-босқич амалга оширилишини айтди.

«Германиядан ташқари, 29 июль куни Италия ва Испания ҳам янги инфляция рекордларини эълон қилиши мумкин», деб қайд этди Bloomberg.

АҚШда истеъмол нархлари индекси июнь ойида йиллик ҳисобда 9,1 фоизни ташкил этди, бу 1981 йил охиридан бери кузатилмаган рекорддир. 27 июль куни АҚШ Федерал захира тизими (Фед) базавий ставкани кетма-кет иккинчи марта 0,75 фоизга оширди.

АҚШ регулятори 1980 йиллардан буён бунчалик агрессив ҳаракат қилмаган эди. Қўшма Штатларда асосий ставка 2,25-2,5 фоиз оралиғда бўлган.

Аввалроқ Евроҳудудда йиллик инфляция рекорд даражада ўсгани ва энг паст инфляция Малта, Франция ва Финляндияда, энг юқори инфляция эса Эстония, Литва ва Латвияда қайд этилгани хабар берилган эди.

Шунингдек, олдинроқ Туркияда ҳам инфляция 1998 йилдан бери илк марта рекорд даражада тезлашгани маълум қилинганди. Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жамоатчиликни сабрли бўлишга чақирган. Туркияда йиллик инфляция кетма-кет 13 ой давомида тезлашган. Энг катта ўсишни энергия (+151,3 фоиз), транспорт хизматлари (+123,4 фоиз), озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар 93,93 фоиз, уй-рўзғор буюмлари 81,14 фоизга қимматлашгани кўрсатган.

Мавзуга доир: