Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Hyundai’га қарашли компания АҚШда болалар меҳнатидан фойдаланганликда айбланди

Компания вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланиш фактига изоҳ беришдан бош тортди.

Жанубий Кореянинг Hyundai Motor корпороциясига тегишли Smart Alabama компанияси болалар меҳнатидан фойдаланганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.

Алабама штатининг Монтгомери шаҳрида жойлашган Smart Alabama компанияси Hyundai’нинг флагманларни йиғиш линияси учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаради.

Компания болалар меҳнатидан фойдаланиши ҳақидаги биринчи хабарлар 2022 йил февраль ойида Гватемаладан келган муҳожирлар оиласидаги қиз йўқолганидан кейин пайдо бўлган эди. Манбаларга кўра, эндигина 14 ёшга тўлган бедарак йўқолган қиз ҳамда унинг 12 ва 15 ёшли икки укаси йил бошидан бери заводда ишлаб, мактабга бормаган. Ушбу маълумотни болаларнинг отаси Педро Си тасдиқлади.

Аноним қолишни истаган корхонанинг амалдаги ва собиқ ходимларининг айтишича, заводда ишлайдиганларнинг аксарияти вояга етмаганлар. Бундай ишчилар сони ва уларнинг меҳнат шароитлари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Smart Alabama компанияси ўз изоҳида ходимларни ишга олишда қонунни бузмаслигини, вақтинчалик ходимларни ишга олиш билан Ишга қабул қилиш агентлиги шуғулланишини таъкидлади. Компания вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланиш фактига изоҳ беришдан бош тортган.

Hyundai «ҳеч қайси бўлимда ишга жойлашишда қонун бузилишига тоқат қилмаслигини» маълум қилди. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси «барча маҳаллий, давлат ва федерал қонунларга риоя қилишни талаб қиладиган» ички қоидалар ва тартибларга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Hyundai Motor Жанубий Кореяда 1996 йилдан бери биринчи марта завод очиши хабар берилган эди. Завод қурилиши 2023 йил бошланиши режалаштирилмоқда, биринчи электромобиль эса 2025 йилда конвейердан чиқиши кутиляпти.

Мавзуга доир: