Энг йирик онлайн савдо платформаси бўлмиш Amazon Facebook’да маҳсулотларига қўйилаётган сохта шарҳлар сабаб компанияни судга берди. Бу ҳақда Amazon эълон қилган пресс-релизда хабар берилган.
Компаниянинг фикрича, Facebook’даги гуруҳ аъзолари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания ва Япониядаги Amazon сайтларида сохта шарҳлар ёзган.
Платформа 2016 йил октябрь ойида мижозларни шарҳлар ёзгани учун рағбатлантиришни тақиқлади. Бироқ 2020 йил Financial Times нашри ўтказган текширув натижасида Amazon Буюк Британиядаги сайтида қолдирилган ўнта шарҳдан тўққизтаси учун ҳақ тўланган бўлиши мумкинлигини аниқланди.
Энг йирик онлайн савдо тармоғи 2022 йил февраль ойида сохта шарҳларни оммавий жойлаштиришни таклиф қилувчи платформалар ва уларнинг хизматларидан фойдаланган сотувчиларни судга берди.
Amazon маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ўн икки мингдан ортиқ ходим платформада фирибгарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш учун ишламоқда. Компания сохта шарҳларни аниқлаш учун «етакчи технология, тажрибали тадқиқотчилар ва доимий мониторинг»дан фойдаланади.
Amazon 2021 йилда платформа қоидаларини бузган олти юздан ортиқ брендлар билан ҳамкорликни тўхтатди.
Июль ойи ўрталарида компания «ақлли» Dash Cart саватининг такомиллаштирилган моделини тақдим этди. У харид нархини ҳисоблаб чиқади ва инсон аралашувисиз картадан пул ечиб олади. Amazon аста-секин ўзининг Fresh ва Whole Foods дўконларига «ақлли» саватларини киритмоқда.


