Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Хоразм ва Навоий вилоятларида «Санитария инқилоби» бўйича ўрганиш ишлари ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Хусусан, 13–18 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида, 20–25 июнь кунлари Хоразмда ва 27 июнь – 2 июль кунлари Навоийда бир қатор туризм объектлари ўрганилди.
Натижада объектларда санитар-гигиеник, техник хавфсизлик, ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш талабларига жавоб бермаслик, жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароитлар яратилмаганлиги каби камчиликлар аниқланиб, муҳокама қилинди.

















Тегишли ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларига хато-камчиликларни зудлик билан бартараф этиш топширилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ, 2022–2023 йилларда республикадаги барча туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, туризм зоналари, меҳмонхоналар, сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, оммавий намойиш жойлари, маданият ва истироҳат боғлари, оммавий бозорлар), аэропорт, вокзал ва автошохбекатларда «Санитария инқилоби»ни амалга ошириш кўзда тутилган.
Унга кўра, республикамиздаги барча туризм намойиши объектларида санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича хатлов ўтказилади.
Санитария-гигиена шохобчалари мавжуд бўлмаган туризм намойиши объектларида замонавий санитария-гигиена шохобчалари қурилиши ва таъмирланиши таъминланиб, уларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароитлар яратилганлигига эътибор қаратилади.


