Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kommer.uz’га сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланиш даражаси бўйича таҳлилни тақдим этди.
2021 йил 20 августда давлат раҳбари биринчи марта тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу кун мамлакатда Тадбиркорлар куни сифатида белгиланиб, ҳар йили шундай йиғилиш ўтказишга қарор қилинди.

Марказ мутахассисларининг таъкидлашича, Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти Ўзбекистонда бундай биринчи тажриба бўлиб, иқтисодий сиёсатни оптималлаштириш ва тузатиш борасида ўз самарасини кўрсатишга муваффақ бўлган. Учрашув натижасида мамлакатда бизнесни ривожлантириш бўйича кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинган.
Қайд этилишича, пандемия даврида кичик бизнес дуч келган қийинчиликларга қарамай, тадбиркорлик таъсирчан ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. 2016 йилда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 268 мингтани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 529 мингтага етган (ўсиш 2 баравар). Агар 2016 йилда янги ташкил этилган корхоналар сони қарийб 33 мингтани ташкил этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 103 мингтадан ошган (ўсиш 3,1 баравар).

Президент бизнес вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, сўнгги 5 йил ичида тадбиркорлар сони уч баравар кўпайган ва ҳозирда 1,5 миллион кишини ташкил этади. Хусусий сектор корхоналарида 5 миллионга яқин киши меҳнат қилаётгани айтилган.
2021 йилда кичик бизнеснинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши қуйидагича бўлган: саноатда — 27 фоиз, қурилишда 72 фоиз, ЯИМда 55 фоиз, бандликда 74 фоиз, экспорт 22 фоиз. 2021 йилда иқтисодий фаолият турлари бўйича корхоналар сонига кўра кўриниш қуйидагича экани айтилган: савдода — 157 минг корхона, саноатда — 91 минг, қишлоқ хўжалигида — 47 минг, қурилишда — 44 минг, турар жой ва озиқ-овқатда — 33 минг, ташиш ва сақлашда — 18 минг, ахборот-коммуникацияда — 11 минг, соғлиқни сақлаш соҳасида — 10 минг ва бошқалар — 118 минг.
Тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида Президент йиғилишда бизнеснинг тўлиқ ва самарали ишлашига тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этиш бўйича кейинги ишлар учун 7 та муҳим йўналишни белгилаб берган:
- бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари
- солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш
- ер ажратиш масалалари
- инфратузилмани ривожлантириш масалалари
- экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш
- транспорт-логистика масалалари
- тадбиркорликка оид тартиб-таомилларни соддалаштириш
2016–2021 йиллар давомида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 24 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми эса 34 фоизга ўсган. Қайд этилишича, марказ томонидан ҳар ойда ҳисоблаб чиқилган иқтисодий кўрсаткичларда, масалан, ишбилармонлик фаоллиги индекси ва Германия ИФО институтининг аналоги методологияси бўлган ишбилармонлик муҳити индексида ижобий таъсирларни кузатиш мумкин. Унга кўра, 2022 йил июнь ойида ҳудудлар ва пойтахтда ишбилармонлик фаоллиги индекси май ойига нисбатан 6,2 фоизга ўсган ва 2021 йилда ўртача йиллик консолидацияланган кўрсаткич 60 пунктни ташкил этган (бу 2020 йилга нисбатан 18 пунктга кўпроқ дегани), ва бу мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолаш учун етарли экани таъкидланган.
Айтилишича, мамлакатда солиқ тушумлари ҳажмининг ҳам барқарор ўсиши кузатилмоқда: 2022 йил 1 январдан 27 июнгача бўлган даврда 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ўсган. Таҳлил қилинган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 41,2 фоизга ошган. 2022 йил бошидан 27 июнгача бўлган даврда товар экспорт қилиш ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 25,4 фоизга ошган. Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,8 фоизга ошган.


