Тошкент халқаро аэропортида юк аравачалари билан боғлиқ муаммо кузатилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу вазият аэропортни багаж аравачалари билан таъминлаб келган Abadiya Trade компанияси томонидан шартноманинг бир томонлама бекор қилиниши ортидан юзага келган.
«Айни пайтда Uzbekistan Airports Handling компанияси Тошкент халқаро аэропорти учун янги юк аравалар харид қилиш орқали муаммони ҳал қилиш чораларини кўрмоқда», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, яқин кунларда аэропортга 1000 та янги юк аравалари етказиб берилиши кутилмоқда. Унга қадар аэропорт ходимлари йўловчиларга, айниқса аёллар ва ёши катта йўловчиларга оғир юкларни ташишда ёрдам беради.
Uzbekistan Airports компанияси юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради ва муаммони имкон қадар тезроқ ҳал этишга ваъда берди.


