Ўзбекистонда энергетика эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб қилинади. Бу ҳақда Президент иштирокидаги электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун келгуси йилларда 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб этилади.
Бунинг учун соҳада рақобатли бозорни шакллантириш ва хусусий инвесторларга шароитларни кенгайтириш зарур.
«Соҳада рақобатни яратиш, энергия таъминотининг ҳажми ва сифатини ошириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Шу боис йиғилишда энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилгани маълум қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистондаги 14 та туман ва шаҳарда электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.


