Европа Иттифоқи яқин кунларда Украина учун 9 миллиард евро миқдоридаги молиявий пакет тақдим этиш ишларини якунлайди. Бу ҳақда Bloomberg уч нафар европалик мулозимга таяниб хабар берди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен аввалроқ ЕИ 2022 йил охиригача Украинага 9 миллиард евро миқдорида кредит ажратишини маълум қилган эди.
Маълум қилинишича, Киев учун янги ёрдам пакети «асосий қарзни тўлаш учун 10 йиллик имтиёзли давр билан 25 йиллик кредитлар»дан иборат бўлади. Манбаларга кўра, фоиз тўловлари Европа Иттифоқи буджетидан қопланади.
Bloomberg’нинг ёзишича, Европа Иттифоқи етакчилари 23 ва 24 июнь кунлари Брюсселда учрашиши керак. Йиғилишда Украинани тиклаш режаси ва иттифоққа кириш учун аризасини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Аввалроқ Европа инвестиция банки Украинанинг тикланишини триллионлаб еврога баҳолаган эди. 20 май куни Европа Иттифоқи Украинага 600 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам ўтказди.
Аввалроқ Украинадаги уруш ва инфляция Европага 73,6 миллиард доллар зарар келтиргани ҳақида хабар берилганди.


