Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

«Тадбиркорлар чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлилигини Конституцияда мустаҳкамлаш лозим» — Мирзиёев

Давлат раҳбари асосий қонунда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим, дея ҳисоблашини қўшимча қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Конституцияда Ўзбекистонда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишини, давлат ички ва халқаро савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратишини мустаҳкамлаш шарт.

«Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этаман», — дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим.

Шу билан бирга, давлат раҳбари асосий қонунда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим, дея ҳисоблашини қўшимча қилди.

Президентнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилади, деган мазмундаги норма ҳам Конституцияда акс этиши «албатта ўринли бўлар эди».