Шавкат Мирзиёев бош қомусда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси шуни кўрсатадики, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни «қуриб бўлмайди».
«Шу боис, бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилсин», — дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин.
Шу билан бирга, Президент давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилашнинг вақти-соати келди, деб ўйлашини айтди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч» бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш зарур.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.


