Дунёдаги энг йирик мебель чакана савдо тармоқларидан бири IKEA Россиянинг Ленинград, Киров ва Новгород вилоятларидаги фабрикаларини сотади. Бу ҳақда компаниянинг Россиядаги ваколатхонаси хабар берди.
IKEA Россиядаги бизнесини оптималлаштиришни режалаштирмоқда. Мамлакат омборларида бўлган товарлар эса сотилади.
«Сўнгги бир неча ой ичида бутун дунё бўйлаб бизнес жараёнлари ва таъминот занжирлари билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашди. Шуни ҳисобга олиб, биз яқин келажакда сотувларни қайта тиклаш имкониятини кўрмаяпмиз », дея маълум қилди IKEA’нинг Россиядаги ваколатхонаси.
Компания оптималлаштириш кўплаб ходимларга таъсир қилишини таъкидлади. Ишлаб чиқариш корхоналарида ходимлар қисқаради ва барча заводлар учун янги эгалар қидирилади.
IKEA ишлаб чиқариш гуруҳи Россияда тўртта мебель фабрикаси билан ифодаланади: Есипово шаҳрида (Москва вилояти), Тихвин шаҳрида (Ленинград вилояти), Великий Новгород шаҳрида ва шаҳар типидаги Красная Поляна посёлкасида (Киров вилояти).
Компания 3 март куни Россия ва Беларусда фаолиятини тўхтатганди.
Аввалроқ McDonald’s фаст фуд ресторанлари тармоғи Россияни тарк этиш ва мамлакатдаги бизнесини сотишга қарор қилганди.


