Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Қозоғистонда шакар тақчиллиги: «Лотте Рахат» ширинлик компанияси заводларидан бирини ёпди

Россия экспортга тақиқ жорий қилди, Қозоғистонда бошқа мамлакатлардан импорт акциз солиғига тортилади ва ҳар бир тонна хомашё 35 фоиз қимматлашади.

Фото: Шамиль Жуматов / Reuters

Шакар тақчиллиги туфайли Чимкентдаги «Рахат» заводи ишламаяпти, айрим ширинликлар ишлаб чиқариш тўхтатилди. Бу ҳақда «Лотте Рахат» ОАЖ бошқаруви раиси Константин Федорец маълум қилди.

«Биз ҳар йили маҳсулот қаторимизни кенгайтирамиз. Бу йил шоколадга эътибор қаратамиз, чунки у бошқаларга қараганда камроқ шакар ишлатишни талаб қилади.

Ҳозир бизда ‘барбарис’ ва ирис ишлаб чиқарилмаяпти, гарчи улар харидоргир бўлса ҳам. ‘Барбарис’ — анъанавий, мазали, аммо жуда кўп шакарли маҳсулот. Биз жуда кўп шакар ишлатиладиган барча маҳсулотлардан воз кечдик. Чимкентдаги завод ҳали ҳам турибди, лекин июнь ўрталарида етказиб бериш тикланишини кутмоқдамиз ва ишлашда давом этамиз», — дейди Федорец.

Унинг тушунтиришича, заводлар учун хомашёни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш мумкин, аммо улар бозор талабининг атиги 30 фоизини қоплайди. Россия экспортга тақиқ жорий қилди, бошқа мамлакатлардан импорт акциз солиғига тортилади ва ҳар бир тонна хомашё 35 фоиз қимматлашади.

«Қозоғистон Россиянинг божсиз шакарида ўрганиб қолган эди. Ҳозир маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда мавжуд бўлган барча шакарни сотиб олмоқдамиз, аммо бу етарли эмас. Улар учун энг яхши вақти келди, тўлиқ қувват билан ишлашмоқда. Аммо улар ҳали ҳам импорт қилинган Бразилия қамишидан фойдаланади», — дейди корхона раҳбари.

Федорецнинг айтишича, ишлаб чиқарувчилар учун шароит яратилса, улар барча ички эҳтиёжларни қоплайди. Ҳукумат божсиз импортга квоталар беряпти, лекин 20 минг тонна зарурат бўлса, атиги 1600 тоннани олиб киришга рухсат берилган, афсуски, бу етарли эмас, деди қандолат фабрикаси раҳбари.

«Ҳозир шакарни Қозоғистондаги барча заводлардан сотиб оляпмиз, қўшимча равишда Ҳиндистон шакарини Бельгиядан олиб келяпмиз. Ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам ишлаши керак, чунки уларнинг маҳсулот сифати кўп нарсани талаб қилади», — дея ўз сўзини якунлади корхона раҳбари.

Маълумот учун, айни кунларда Ўзбекистонда ҳам шакарга узун навбатлар юзага келмоқда. Аҳолининг айрим вакиллари шакар нархи қимматлигидан шикоят қилмоқда.

Аввалроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан тушунтириш берганди.