Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Ўзбекистон ҳудудларида жорий йилнинг I чорагида хизмат кўрсатиш соҳасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди. Институт таҳлилий материални Kommers.uz’га тақдим этди.
Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг I чорагида мамлакат миқёсида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш 2021 йилнинг шу давридагига нисбатан 15,9 фоизни ташкил қилган.
Фарғона (20,1 фоиз), Жиззах (16,5 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон (18,3 фоиз) ва Тошкент шаҳри (19,8 фоиз) да республика миқёсидаги кўрсаткичга нисбатан юқори натижа қайд этилди. Андижон вилояти (6,9 фоиз) да нисбатан пастроқ кўрсаткичга эришилди.
Кўрсатилган хизматлар ҳажмининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши бўйича юқори ўринларни Тошкент, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри эгаллаган. Бу борада Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари улардан анча ортда қолган.
Таҳлиллар хизматлар соҳасининг ЯИМ таркибидаги улуши 2022 йилнинг I чорагида 45,8 фоизни ташкил этганини кўрсатди. Бу жиҳатдан мамлакатимиз ҳудудлари орасида Наманган, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқори натижаларга эришилган.
Республика миқёсида кўрсатилган хизматларнинг 23,1 фоизи қишлоқ жойларининг ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич бўйича юқори натижалар Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Фарғона вилоятларида қайд этилган.


