Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

«Ўзгазлойиҳа»даги давлат улуши 21,5 млрд сўмга сотилди

Жамиятнинг 34,5 фоиз улуши Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли.

Фото: Давактив

«Ўзгазлойиҳа» МЧЖ (кейинги ўринларда — жамият) устав капиталидаги 63,4 фоиз давлат улуши 21,5 миллиард сўмга Prime Tower Group МЧЖга сотилди. Бу ҳақда Давактив матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур соҳадаги корхоналарни хусусийлаштиришдаги жаҳон тажрибаси ҳамда Актив фаолиятининг комплекс таҳлиллари (due-diligence), шунингдек, хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи тавсияларига асосан, 63,4 фоиз давлат улуши яхлит тарзда рақобат тамойиллари асосида оммавий танлов йўли билан сотилган.

Бунда UzAssets томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш  асосида Grant Thornton халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган. Dentons халқаро юридик компанияси ҳуқуқий кўмаклашган. Мазкур хусусийлаштириш доирасида консультантларнинг фаолиятлари UzAssets томонидан мувофиқлаштирилган. 

Хабарга кўра, UzAssets ва агентлик расмий сайтларидаги 2021 йил 29 декабрь куни сотиш жараёнлари бошланганлиги тўғрисидаги эълонга мувофиқ, Консультант томонидан барча талабгорларнинг сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган.

Шунингдек, консультант томонидан лойиҳалаш, қурилиш ҳамда газ ва нефт маҳсулотларини ташиш хизматларини кўрсатувчи 28 та маҳаллий ва хорижий компанияларга жамият фаолияти тўғрисидаги инвестиция тизерлари юборилган.

Маълумот учун, «Ўзгазлойиҳа» 34,5 фоиз улуши Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. Қурилиш объектлари билан шуғулланувчи Prime Tower Group’нинг 60 фоиз улушига Нодирбек Нариманоич Ибрагимов, 40 фоиз улушига эса Махсуд Закирович Худаяров эгалик қилади.

Аввалроқ Uzpaynet’даги давлат улуши сотувга қўйилганди.